Бугундан Қатарда ФИФА U-17 Жаҳон чемпионати бошланади
Унда ўзбекистонликлар Осиё чемпиони сифатида иштирок этади.

Бугундан Қатар яшил майдонларида ФИФА U-17 Жаҳон чемпионати старт олади. Унда Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Осиё чемпиони сифатида иштирок этади.
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатларида 4-бор иштирок этмоқда. Жамоа 2011 (Мексика) ва 2023-йилги (Индонезия) мусобақада чорак финалга қадар етиб борган. 2013 йил Бирлашган Араб Амирликларида ўтган мундиалда эса 1/8 финал босқичида иштирокини якунлаган.
Бу галги мусобақада Исломбек Исмоилов бошқарувидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатининг “J” гуруҳида Парагвай, Ирландия ва Панама ўсмирлар терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
Ўзбекистонлик ўсмирлар “юришларини” 5 ноябрь куни бошлашади. Дастлабки рақиб Парагвай жамоаси. Парагвай ушбу ёш тоифасидаги Жаҳон чемпионатида 5 марта иштирок этмоқда. Энг яхши натижа 1999 ва 2019 йилларга тўғри келади. Ўшанда жамоа чорак финалга қадар етиб борган.
8 ноябрь куни Ўзбекистон Ирландияга қарши майдонга тушади. Ирландия ушбу ёш тоифасида илк маротаба ЖЧда иштирок этиши.
Гуруҳ босқичидаги сўнги ўйин эса Панама U-17 терма жамоасига қарши бўлади. Ушбу ўйин 11 ноябрь кунига белгиланган. Панаманинг 17 ёшгача бўлган футболчилар орасидаги Жаҳон чемпионатида қайд этган энг яхши натижаси 2011 йилга тўғри келади. Ўша йили жамоа 1/8 финалга қадар етиб борган.







