Жиззахда “Ҳудудгаз” ходими 6 минг доллар пора олаётганда ушланди
У носоз газ ҳисоблагич бўйича далолатномани бекор қилиш эвазига тадбиркордан пул талаб қилган.

Жиззах шаҳрида “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали етакчи мутахассиси 6 минг АҚШ долларини олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинди.
Маълум бўлишича, у тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш чоғида носоз газ ҳисоблагич аниқлаб, бу бўйича далолатнома тузган. Бироқ кейинчалик ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, ушбу далолатномани бекор қилиш ва терговга қадар текширув бўйича жиноят иши қўзғатмаслик эвазига 6 минг доллар сўраган. Тезкор тадбир чоғида мутахассис сўралган пулни “Ҳудудгаз Жиззах” филиали биноси олдида олаётганида ушбу жиноят устида ушланди.
Текширув натижаларига кўра, газ ҳисоблагич ташқи таъсирсиз, табиий равишда носоз ҳолатга келгани аниқланган. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.







