Китобда фуқаро ЙТҲ содир қилиб, 16 млн жарима тўлади
У маст ҳолда машина бошқариб, йўл четида тўхтаб турган “Damas” русумли машинани уриб юборган.

Ҳаётда баъзи хатолар борки, улар нафақат инсоннинг, балки бутун оила тақдирини ўзгартириб юбориши мумкин. Китоб туманида яшовчи У.Э. ҳам шундай ҳолатни бошидан кечирди — у маст ҳолда “Labo” автомашинасини бошқариб, йўл четида тўхтаб турган “Damas” русумли машина уриб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этди.
Натижада жабрланувчига 3 миллион 419 минг сўм моддий зарар етди. Суд томонидан У.Э. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга уч йил муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш ва 16 миллион 480 минг сўм жарима жазоси тайинланди.
Рульга ўтирган инсон фақат ўзини эмас, балки бошқалар ҳаётини ҳам ишончли қўлида тутади. Аммо маст ҳолда рульга ўтириш — бу онг устидан мағлубият, масъулиятни йўқотиш демакдир. Бир лаҳзали кайфиятнинг оқибати бутун ҳаётни издан чиқариши мумкин.
У.Э. қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлди. Мажбурий ижро бюросининг Китоб туман бўлими давлат фойдасига тайинланган 16 миллион 480 минг сўм жаримани тўлиқ ундирди.







