“Мирзо Улуғбек ворислари” давлат дастури доирасида Creative Tech лойиҳаси ишга туширилди
2500 дан ортиқ аризадан сараланган 800 нафар ёшлар 6 ой давомида 3D, Анимация, VFX, GameDev, Unreal Engine, Digital Art ва бошқа креатив йўналишларда бепул таълим олади.

Ўзбекистонда замонавий креатив индустрия йўналишларида малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилган Creative Tech ўқув лойиҳаси старт олди. Лойиҳа “Мирзо Улуғбек ворислари” давлат грант дастури доирасида ташкиллаштирилиб, ёшларни рақамли иқтисодиёт ва глобал креатив бозор талабларига мос кадр сифатида тайёрлашни мақсад қилган.
Лойиҳага республиканинг турли ҳудудларидан 2500 дан ортиқ аризалар келиб тушди. Саралаш босқичлари якунига кўра, 800 нафар истеъдодли ёшлар 6 ойлик бепул таълим курсига қабул қилинди. Таълим қуйидаги 8 йўналишни ўз ичига олади:
- 3D Моделлаштириш
- Анимация
- VFX Compositing
- FX Simulation
- Game Design va Game Development
- Unreal Engine
- Cinema 4D
- Digital Art
Машғулотлар ўз соҳасида катта тажрибага эга, халқаро киностудиялар, ўйин компаниялари ва анимация марказларида фаолият юритган менторлар томонидан олиб борилмоқда.
Creative Tech лойиҳасининг асосий мақсади - Ўзбекистон ёшларини глобал креатив ва рақамли бозор учун рақобатбардош мутахассис сифатида тайёрлаш, янги касблар орқали ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва юқори даромадли фаолиятга йўналтириш, маҳаллий анимация, кино ва гаме-индустриянинг ривожланишига ҳисса қўшиш, ёшларнинг стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ижодий студия ва жамоалар шаклланишига кўмаклашиш ҳисобланади.
Мазкур йўналишлар бугунги кунда дунё бўйича энг талаб юқори соҳалар сирасига киради. 3D артистлар, аниматорлар, ўйин дизайнерлари, VFX мутахассислари ҳамда Unreal Engine дастурчиларининг халқаро меҳнат бозоридаги ўртача даромади $2 000 – $5 000 атрофида бўлиб, онлайн freelancing ҳамда халқаро компанияларда масофадан ишлаш имкониятлари кенгаймоқда.
Кутилаётган натижалар:
Лойиҳа якунига кўра, иштирокчилар:
- реал лойиҳаларда иштирок этган амалий портфелга эга бўлади;
- маҳаллий ва халқаро студияларда ишга жойлашиш имкониятига эга бўлади;
- энг фаол ёшлар ўз стартапларини йўлга қўйиш, медиа контент студиялари ёки гаме/анимация жамоаларини шакллантириш имкониятига эга бўлади.
Creative Tech — бу шунчаки ўқув курси эмас, балки ёшларни халқаро креатив индустрияга интеграция қилиш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, рақамли иқтисодиёт учун етук кадрлар тайёрлашга хизмат қилувчи стратегик платформадир.







