Ўзбекистонда 9 ойда ЙТҲ сабаб 1300 дан ортиқ одам ҳалок бўлди
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан йўл-транспорт ҳодисалари сони 3,8 фоизга камайди.

2025 йилнинг январ–сентябрь ойлари якунларига кўра, республика ҳудудларида 5 895 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,8 фоизга камдир. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов маълум қилди.
Расмий статистика шуни кўрсатадики, ЙТҲ оқибатида жароҳат олганлар сони 4 759 нафардан 4 592 нафарга (3,5 фоизга) камайган. Ҳалок бўлганлар сони ҳам 1 368 нафардан 1 303 нафарга пасайиб, 4,8 фоизлик қисқариш қайд этилган.
Пиёдалар иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари ҳам камайиш тенденциясини кўрсатмоқда — ҳисобот даврида улар 2 855 тадан 2 689 тага тушган (5,8 фоизга).
Мазкур кўрсаткичлар ЙТҲлар динамикасида ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини билдиради. Шу билан бирга, Сенат қўмитаси аҳолининг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишини кучайтириш, профилактика ва хавфсизлик чораларини янада самарали давом эттириш зарурлигини таъкидлади.







