Ўзбекистонликлар учун рақамли олтин савдоси йўлга қўйилди
Энди фуқаролар ва компаниялар банк иловалари орқали реал вақт режимида олтин ва кумушга инвестиция киритишлари мумкин.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги мамлакатда қимматбаҳо металлар билан операцияларни тартибга солувчи янги низомни тасдиқлади. Қарор (рўйхат рақами 3698, 2025 йил 3 ноябрь) асосида жисмоний ва юридик шахсларга олтин қуймаларни ҳамда уларнинг рақамли эквивалентларини банк мобил иловалари орқали сотиб олиш ва сотиш имконияти яратилди.
Эндиликда фуқаролар ўлчовли олтин қуймаларини банк филиалига бормасдан, онлайн тарзда харид қилиши ёки қайта сотиши мумкин. Шунингдек, олтин ва кумушнинг жисмоний бўлмаган, граммда ифодаланувчи рақамли шаклларини реал вақт режимида олиш имкони пайдо бўлди. Нархлар ҳар куни Лондон қимматбаҳо металлар бозори уюшмасининг фиксингига мувофиқ белгиланади, бу эса жараённи шаффофлаштиради.
Мазкур тизим орқали Ўзбекистонлик инвесторлар энди кичик суммаларда ҳам инвестиция киритишлари мумкин. Барча операциялар банк тизимларида идентификация ва аутентификация орқали тасдиқланади, нархлар эса банкларнинг расмий сайтларида, мобил иловаларида ва ижтимоий тармоқларда доимий равишда янгиланиб боради.







