Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда кибержиноятлар сони 68 баробарга кўпайди
Жорий йилнинг ўзида 46 мингдан ортиқ кибержиноят аниқланган. Улар орқали жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 1,2 триллион сўмдан ошган.

Президент Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни миллат генофондини гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш, кибержиноятларга қарши самарали курашиш ҳамда прокурор назоратини рақамлаштириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Сўнгги йилларда наркожиноятчилик бутун инсоният учун янги глобал хавф-хатарга айланаётгани қайд этилди. Таҳлилларга кўра, дунёда 400 миллиондан ортиқ одам бу иллатга дучор бўлган, унинг оқибатида йилига 300 мингга яқин одам вафот этяпти.
Афсуски, мазкур иллат мамлакатимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Йил бошидан 11 мингдан зиёд наркожиноят аниқланиб, 2,5 тоннага яқин гиёҳванд моддалар ушлаб қолинди. Бундай жиноятларнинг шакл ва турлари йилдан-йилга кўпайиб, қамрови ортиб бораётгани наркожиноят ва гиёҳвандликка қарши курашishni комплекс равишда ташкил қилиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа эканини кўрсатмоқда.
Йиғилишда соҳадаги мавжуд салбий тенденциялар таҳлил қилинди.
Жумладан, кейинги пайтларда истеъмоли осон, яшириш ва тарқатиш қулай дори шаклидаги психотроп ва синтетик моддалар анъанавий наркотиклар ўрнини эгалламоқда, уларнинг тарқалиши асосан ёшлар орасида юз бермоқда, синтетик наркотиклар яширин нарколабораторияларда тайёрланиб, интернет орқали контактсиз шаклда ўтказилмоқда, наркотикларни тарқатиш манбаси бўлган уюшган жиноятчилик трансчегаравий хусусиятга эга.
– Шу боис, миллий қонунчилигимизга мана шундай хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларга қарши аёвсиз курашиш, бундай иллатни тег-томири билан йўқотишга қаратилган нормаларни киритиш вақти келди, – деди давлатимиз раҳбари.
Мутасаддилар наркотикларнинг ноқонуний айланишига барҳам бериш бўйича режа ва таклифларини тақдимот қилди. Жумладан, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини ушбу хавфдан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ҳамда механизмлар таклиф сифатида киритилди.
Бунда ўқувчи ва талабалар орасида наркотикларнинг тарқалишига батамом чек қўйиш, ёшларда бу иллатга муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган таъсирчан амалиётларни амалга оширишни барча масъул органлар ва ташкилотларнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Биринчи навбатда, ёшлар орасида наркотикларнинг ноқонуний айланмасига жиноий-ҳуқуқий механизмлар орқали қатъий барҳам бериш ҳамда ёшларга нисбатан содир этилаётган наркожиноятлар учун жавобгарликни оғирлаштириш, наркотикларни интернет орқали тарқатиш, уюшган гуруҳлар ва нарколабораториялар, уларга раҳнамолик қилаётган мансабдор шахсларни аниқлаш ва чек қўйишга қаратилган кенг қамровли тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятини йўлга қўйиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, вояга етмаган ва ёшлар орасида гиёҳвандликнинг диагностикси, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитацияси тизими тубдан такомиллаштирилади.
Тақдимотда 100 дан зиёд тезкор-профилактик, ташкилий-тарбиявий, тарғибот-ташвиқот чора-тадбирларини назарда тутувчи Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025–2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури лойиҳаси давлат раҳбари томонидан маъқулланди ҳамда бу борада узлуксиз ишлаш тизимини жорий этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилишда кибержиноятчиликка қарши курашиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 31 миллиондан ортиқ аҳоли интернетдан фойдаланмоқда. Шу билан бирга, сўнгги беш йилда юртимизда кибержиноятлар сони 68 баробарга кўпайган. Жорий йилнинг ўзидан 46 мингдан ортиқ кибержиноят аниқланган. Улар орқали жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 1,2 трлн сўмдан ошган.
Фуқароларнинг шахсий маълумотлари, банк карточкалари ва электрон имзолари бўйича амалга оширилаётган фирибгарликлар сони кескин ортиб бормоқда. Жиноятларнинг катта қисми интернет орқали амалга оширилиб, энг кўп тарқалган усуллардан бири — банк карточкалари орқали содир этилаётган киберфирибгарлик ҳисобланади.
Шахсий маълумотлар ҳимояси бўйича аниқ механизм мавжуд эмас, айрим тадбиркорлик субъектлари мижозларнинг маълумотларини очиқ базаларда сақламоқда. Давлат хизматлари соҳасида ҳам биометрик идентификация ва электрон рақамли имзолардан фойдаланишда киберхавфсизлик бўйича етарли кафолатлар таъминланмаган.
Шунингдек, банк тизимида киберҳужумларнинг олдини олиш, шубҳали пул операцияларини аниқлаш ва тезкор чора кўриш механизмлари етарли даражада самарали ишламаётгани қайд этилди.
Шу боис, тақдимотда соҳанинг ҳуқуқий, технологик ва илмий-услубий асосларини tubдан такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Шахсга доир маълумотлар билан ишлашда киберхавфсизлик талабини, бундай маълумотларни шифрлаб сақлаш тартибини жорий этиш, маълумотга ишлов берувчи шахсларнинг реестрни юритиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораларини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Банк соҳасида онлайн-микрокарз ажратишда фирибгарлар таъсирини чекловчи замонавий ҳимоя тизимларини жорий этиш, фирибгарлик натижасида жабрланган шахс номига олинган микрокарзни ундан ундирмаслик, шубҳали банк ҳисобварақларини тун-у кун режимида блоклаш механизмлари таклиф қилинди.
Кибержиноятчиликнинг янги турлари — смарт қурилмаларга ҳужумлар, криптоактивларни ноқонуний эгаллаш каби таҳдидларнинг олдини олиш бўйича илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари таклифларни маъқуллаб, Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказининг салоҳиятини ошириш ва кибержиноятларга қарши кураш самарадорлигини кучайтириш, жумладан, уларни тезкор фош этиш бўйича 7 турдаги янги экспертизани йўлга қўйиш бўйича аниқ топшириқлар берди.







