Битирувчиларни ишга олган тадбиркорларга имтиёзли кредитлар берилади
Янги тартибга кўра, битирувчини ишга қабул қилган тадбиркорга 7 йилгача, 5 миллиард сўмгача кредит ажратилади.

Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги 328-сон қарорига мувофиқ, олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлашга қаратилган янги тартиб жорий этилди. Қарорга кўра, битирувчиларни ишга жойлаштирган тадбиркорларга 2 йиллик имтиёзли давр билан, 7 йил муддатгача 5 миллиард сўмгача кредит берилади.
Кредитлар Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз пункт юқори фоизда тақдим этилади. Ҳар бир 1 миллиард сўмлик кредит учун тадбиркор камида битта олий таълим муассасаси битирувчисини ишга қабул қилиши шарт. Мазкур имтиёзли маблағлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш, асосий воситаларни сотиб олиш ҳамда айланма маблағларни тўлдириш учун йўналтирилади.
Агар тадбиркор имтиёзли кредит асосида ишга олинган битирувчи билан икки йил ичида меҳнат шартномасини бекор қилса, кредит фоизи тижорат ставкасига ўзгартирилади. Бироқ бир ой ичида бошқа битирувчи ишга қабул қилинса, бу талаб қўлланилмайди.
Шунингдек, битирувчилар ўртасида энг яхши стартап ва инновацион лойиҳалар танлови ўтказилади. Танлов ғолиблари камида икки нафар битирувчини ишга олиш шарти билан 1 миллиард сўмгача бўлган грантга эга бўлишлари мумкин.







