Фарғонада 4 кишининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 8 йилга қамалди
Шунингдек, ҳайдовчига ҳалок бўлганлар оиласига 100 миллион сўм миқдорида товон пули тўлаш мажбурияти юкланди.

Фарғона вилоятида бир оиланинг тўрт нафар аъзоси ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан суд ҳукми эълон қилинди. Жиноят иши бўйича айбланувчи — 25 ёшли ҳайдовчи айбдор деб топилиб, озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда суднинг расмий ахборотида маълум қилинди.
Воқеа Фарғона туманидаги “Шоҳимардонобод” маҳалласида содир бўлган. Дастлабки тергов материалларига кўра, Nexia автомобили ҳайдовчиси белгиланган тезлик меъёрларини қўпол равишда бузган ҳолда, қарама-қарши йўлакка чиқиб хавфли қувиб ўтиш маневрини амалга оширган. Натижада у Tico автомобили билан юзма-юз тўқнашган.
Тўқнашув оқибатида Tico ҳайдовчиси ҳодиса жойида ҳалок бўлган. Транспорт воситасида бўлган аёл ва икки нафар вояга етмаган бола оғир тан жароҳатлари сабаб шифохонада вафот этган. Nexia ҳайдовчиси эса тирик қолган.
Суд ҳукмига кўра, айбдор ҳайдовчи 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди ҳамда 3 йил давомида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Шунингдек, суд ҳалок бўлганлар оиласига 100 миллион сўм миқдорида товон пули тўлаш мажбуриятини юклади.







