"Олтин куз" — иқтидорли ёшлар учун янги саҳна
Тошкент шаҳрида илк бор ўтказилаётган “Олтин куз” иқтидорли ижодкор ёшлар форуми маданият ва санъат соҳасида фаолият юритаётган ёш истеъдодларни бир саҳнада жамлади.

Форум Маданият Вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, 4 ноябрга қадар давом этади. Мазкур лойиҳа ёш ижодкорларни ижодий салоҳиятини ривожлантириш ва тажриба алмашишлари учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлардан 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 250 нафардан ортиқ ижодкорлар мақом, рассомчилик, театр, чолғу чалиш каби йўналишларда ўз иқтидорларини намоён этиш орқали иштирок этмоқда.
Ижодий бирлик ва янги имкониятлар
Форумда ижодкор ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи - Дилфуза Шамуратова форум доирасида тренинглар, танловлар ҳамда маҳорат дарслари бўлиб ўтаётганлиги ҳақида таъкидлаб ўтди.
Маданият Вазирлиги Театр ва цирк санъати вакили ҳамда Кинематография соҳаси фаолиятини мувофиқлаштириш бўлим бошлиғи Зулайҳо Турсуналиева эса - форум доирасида 20 дан ортиқ тадбир режалаштирилгани, хусусан драмматик ва қўғирчоқ театр йўналишларида танловлар ўтказилиб борилаётгани ҳақида таъкидлади. Шу ўринда "Театр санъати, драмматика ва қўғирчоқ театри" йўналиши бўйича иккита танловга старт берилгани ва тўрт кун давомида энг яхши спектакллар томошабинларга намойиш этиб борилиши ҳақида маълум қилди.
Форум доирасида ёшлар учун бир қатор қизиқарли тадбирлар ташкил этилган жумладан:
- ижодкор ёшлар сафини кенгайтириш ва уларни давлат тадбирларига жалб этиш мақсадида ижодий танловлар орқали янги истеъдодларни саралаб олиш ;
- ёшларни ўзига бўлган ишончини оширишга қаратилган малакали психологлар томонидан мотивацион сессиялар;
- маданиятнинг турли йўналишлари бўйича маҳорат дарслари ва тренинглар;
- ижодкор ёшларнинг ижтимоий тармоқларда ўз ижодий маҳсулотларини кенг оммага тарғиб этиш, ижодкор ёшлар имиджи ва ижтимоий медиамаркетинг яъни смм йўналишида семинар тренинглар;
Форум мобайнида “Назм гулшани” номли ёш шоирлар билан ижодий учрашувлар бўлиб ўтади.
Шунингдек форум доирасида 3–10 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали” ҳақида ҳам маълумот берилди. Маданият Вазирлиги томонидан иккинчи маротаба бўлиб ўтаётган фестивалда Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистондан ижодий жамоалар иштирок этиши кутилмоқда.
Форум гала концерт ва тақдирлаш маросими билан якунланади
“Олтин куз” форумининг сўнгги куни — 4 ноябрда Туркистон санъат саройида гала концерт таризда бўлиб ўтади. Унда танлов ғолиблари ва фаол иштирокчилар пул мукофотлари билан тақдирланади.







