Ўзбекистон АҚШ фуқаролари учун визасиз тартиб жорий қилади
2026 йилдан бошлаб АҚШ фуқаролари Ўзбекистонга 30 кунгача визасиз келиши мумкин бўлади.

2026 йил 1 январдан бошлаб АҚШ фуқаролари Ўзбекистонга 30 кунгача визасиз кириш ва вақтинча бўлиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу борадаги Президент фармони имзоланди дея хабар берди Экология вазирлиги.
Мазкур қарор Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш мақсадида қабул қилинди.
Визасиз режимнинг жорий этилиши икки давлат ўртасида ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлаш, бизнес, инвестиция, таълим ҳамда маданий алмашинувни ривожлантиришга хизмат қилади. Эндиликда АҚШ фуқаролари Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси, маданияти, туризм салоҳияти, шунингдек, сармоявий имкониятлари билан танишиш учун мамлакатга эркин ташриф буюриши мумкин бўлади.
Кутилишича, ушбу чора АҚШдан сайёҳлар оқимини сезиларли оширади, ишбилармонлик алоқалари ва илмий ҳамкорликни фаоллаштиради, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги очиқ, замонавий ва меҳмондўст давлат сифатидаги имиджини янада мустаҳкамлайди.







