Қибрайда 6 сотих ер майдонини 54 минг долларга сотмоқчи бўлган шахслар ушланди
Улар 25 минг долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Тошкент вилоятида фермер хўжалигининг 6 сотих ер майдонини 54 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган икки шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Қибрай тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Р. С. (илгари фирибгарлик учун судланган) ва М. Т. фуқаро Ф. Sh.ning ишончига кириб, туман ҳудудидаги “И. О.” фермер хўжалигининг суғориладиган ерининг гўёки тоифасини ўзгартириш орқали 6 сотихини 54 минг долларга сотишга келишган. Улар сўралган пулларнинг 25 минг долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28 ва 211-моддалари (пора бериш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







