Термиз аэропортида қадимий тангалар тўхтатиб қолинди
Ҳозирда улар Термиз археология музейига топширилган.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Термиз аэропорти” чегара божхона постида йўловчилардан бири 5 дона қадимий тангаларни яшринча олиб чиқишга уринган вақтида тўхтатиб қолинди. Бу ҳақида Божхона қўмитаси раисининг матбуот котиби Ҳусан Тангриев маълум қилди.
Бадиий экспертиза хулосасига кўра, кумушдан ишланган мазкур тангалар XVI асрга мансуб бўлиб, Бухоро хонлиги даврида зарб этилган.
Тангалар Термиз археология музейига топширилган. Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, яратилганига 50 йил ва ундан ортиқ вақт ўтган маданий бойликларни, шу жумладан нумизматика ашёларини мамлакатдан олиб чиқиш тақиқланади.







