Тошкент вилоятида аёл 133 миллион сўмлик олтинни чақалоқ таглигига яшириб, чегарадан ўтказмоқчи бўлди
“Яллама” чегара божхона постида 111 грамм олтин қуйма аниқланиб, мусодара қилинди.

Тошкент вилоятидаги “Яллама” чегара божхона пости ходимлари томонидан юртимиздан чиқиб кетаётган фуқаро белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганида, ғайриқонуний ҳолат аниқланди.
Текширув давомида фуқаронинг қўл юклари орасидан умумий оғирлиги 111 грамм бўлган икки дона олтин қуймаси топилган. Маълум бўлишича, ушбу қуйма олтин бўлаклари чақалоқ таглиги ичига яширилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг қиймати 133 миллион сўмни ташкил этади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти божхона бошқармасининг эслатиб ўтишича, амалдаги қонунчиликка кўра, жисмоний шахсларга оғирлиги 200 граммгача бўлган кумушдан ва 65 граммгача бўлган олтиндан ясалган тайёр заргарлик буюмларини божхона декларациясиз олиб чиқишга рухсат берилади. Белгиланган миқдордан ортиқ буюмлар эса мажбурий декларация асосида олиб чиқилиши лозим.







