Андижонда ҳоким ўринбосари 15 минг доллар пора билан ушланди
У фуқародан ер ажратиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш эвазига пул талаб қилган.

Андижон вилоятида ҳоким ўринбосари 15 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум бўлишича, туман ҳокими ўринбосари ўз мансаб ваколатидан фойдаланиб, туман ҳудудидан ўтган катта йўл бўйида 400 метр узунликдаги сув йўлини ёпиқ тизимга ўтказиш орқали пайдо бўлган 60 сотих ер майдонида савдо дўконлари қуриш учун рухсат бериш ва ҳужжатларни юқори лавозимдаги танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 15 минг доллар талаб қилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида мансабдор шахс порани тўлиқ олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а, в” бандлари ҳамда 28, 211-моддаси 2-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш белгиланган.







