Навоийда уч кишини қасддан ўлдирган одам умрбодга қамалди
Собиқ турмуш ўртоғи ва унинг ота-онасини юк машинасида босиб ўлдирган 41 ёшли эркак махсус колонияда жазони ўтайди.

Навоий вилоятининг Томди туманида 41 ёшли Салим Рустамов собиқ турмуш ўртоғи Гулмира Эргашова ҳамда унинг ота-онасини ўз бошқарувидаги ҲОВО юк машинасида қасддан босиб ўлдирди. Воқеага сабаб, собиқ қайнотасига тегишли дала ҳовлисидан мажбурий чиқариш бўйича низолар бўлган.
Суд ҳужжатларига кўра, Рустамов 2008 йилда Гулмира билан турмуш қурган, 2021 йилда эса улар расмий ажрашган. 2024 йилнинг декабрида Рустамовни дала ҳовлисидан мажбурий чиқариш қарори чиққан ва 2025 йилнинг март ойида МИБ ходимлари бу ижро ҳаракатини амалга ошириш мақсадида воқеа жойига келганида Салим Рустамов юк машинаси билан уларга ҳужум қилган.
Гувоҳлар судда Рустамовнинг ҳаракатини қасддан ва олдиндан режалаштирилган деб тасдиқлаган. У аввал собиқ турмуш ўртоғини, сўнгра қайнона ва қайнотасини машина билан уриб, устидан ҳайдаш орқали оғир тан жароҳатлари етказган. Кейин пичоқ билан ҳам ҳужум қилган. Жабрланганлар олган оғир жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Томди туман суди Рустамовни Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) ва 219-моддаси (ҳокимият ёки фуқаровий вазифани бажараётган шахсга қаршилик) бўйича айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. Апелляция инстанцияси судининг қарори билан дастлабки ҳукм ўзгартирилмаган ва Рустамов жазони махсус тартибли колонияларда ўташга мажбур қилинган.







