Қамаши тумани республикада энг паст ўртача иш ҳақи бўлган ҳудуд бўлди
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Қамаши туманида ўртача иш ҳақи 3 млн сўмни ташкил этди.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон бўйича ўртача ойлик иш ҳақи 6,2 миллион сўмни ташкил этди. Туман ва шаҳарлар кесимида эса энг юқори иш ҳақи Миробод туманида (13,1 млн сўм), энг паст кўрсаткич эса Қамаши туманида (3 млн сўм) қайд этилган.
Республикадаги 28 та туман (туманларнинг 13,6 фоизи) иш ҳақи ўртача кўрсаткичдан юқори бўлса, қолган ҳудудларда ўртача иш ҳаққи 4 млн сўм атрофида бўлган. Кўпчилик ҳудудларда иш ҳақи республикадаги ўртача даражанинг 70 фоизидан паст. Айниқса, Амударё, Қамаши ва Миришкор туманларида иш ҳақи республика ўртачасининг ярмидан ҳам кам.
Шу билан бирга, паст даромадли туманларда ўсиш суръати юқори бўлиб, ўртача иш ҳақи республика ўртачасидан паст ҳудудларда 18,4 фоизга ошган. Ўртача иш ҳаққидан юқори бўлган ҳудудларда эса ўсиш 17,5 фоизни ташкил қилган.







