2026 йилдан бошлаб ҳомиладорлик, туғруқ ва ногиронлик нафақалари автоматик тарзда тайинланади
Ўзбекистонда давлат ижтимоий суғуртаси тизимида босқичма-босқич янги тартиблар жорий этилади.

Президент томонидан 3 ноябрь куни имзоланган фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан эътиборан ҳомиладорлик, туғруқ ва бола туғилиши бўйича нафақалар аризасиз, проактив шаклда тайинланиб, тўлаб берила бошлайди.
2026 йил 1 июлдан вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик (ногиронлик варақаси асосида) бўйича нафақалар ҳам худди шу тартибда автоматик тарзда ҳисоблаб берилиши йўлга қўйилади.
Фармонда янги давлат ижтимоий суғуртаси тизими жорий этилиши белгиланган бўлиб, унга кўра:
- фуқаролар даромад солиғининг маълум қисми орқали ёки ҳар ой тўланадиган ихтиёрий суғурта бадаллари орқали суғурталанади;
- тўловлар суммаси суғурта бадаллари миқдори ҳамда энг кам суғурта муддати асосида белгиланади;
- нафақалар Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали молиялаштирилади.
Шунингдек, 2030 йилдан бошлаб мазкур жамғарма ишдан бўшатиш нафақаларини кўриб чиқиш ва тўлаш функциясини ҳам бажаради. Ушбу ҳолатда тўловлар фуқароларнинг шахсий мурожаати асосида амалга оширилади.
Мазкур тартиблар аҳолига қулайлик яратиш, ортиқча ҳужжатбозлик ва навбатларни қисқартириш, ижтимоий ҳимоя тизимига рақамлаштирилган, шаффоф ва самарали ёндашувни таъминлашга хизмат қилади.







