Тошкент аэропортида “Умра зиёратчиси” ушланди
У ноқонуний дори воситаларини олиб ўтмоқчи бўлган.

Тошкент халқаро аэропортида божхона ходимлари томонидан дори воситаларини ноқонуний йўл билан олиб ўтишнинг ўзгача усули фош этилди. Хориждан келган йўловчи умумий қабул қилиш залида “яшил йўлак”дан ўтмоқчи бўлган ва ўзини умрадан қайтган зиёратчи сифатида кўрсатган. Бу ҳақда “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси матбуот хизмати хабар берди.
Йўловчининг асабий ҳаракатлари божхона инспекторларининг эътиборини тортган. Шундан сўнг унинг юки қўшимча кўрикдан ўтказилди. Текширув жараёнида мазкур шахс Саудия Арабистонидан эмас, аслида Деҳлидан учиб келгани аниқланган.
Кўрик давомида унинг багажидан турли ном ва маркадаги 1 798 дона дори воситаси топилган. Ушбу маҳсулотларнинг умумий қиймати 204 миллион сўмдан ортиқ эканлиги маълум бўлди. Йўловчи дори воситаларининг келиб чиқиши, сифати ёки мамлакатга олиб кирилишига рухсат берувчи ҳеч қандай ҳужжатни тақдим эта олмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари бошланган бўлиб, шахснинг ноқонуний фаолиятга алоқадорлиги ҳамда дори воситалари қаердан ва қандай мақсадда олиб кирилгани юзасидан суриштирув давом этмоқда.







