10 дан ортиқ фуқарони алдаб пулини ўзлаштирган 20 ёшли йигит Туркияда ушланди
Киберфирибгар Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигида қўлга олиниб, депортация қилинди.

Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида амалга оширилган комплекс тезкор-қидирув тадбирлари натижасида киберфирибгарлик жиноятларида гумонланиб қидирувда бўлган фуқаро Зоҳиржонов Умид Дилшод ўғли (2005 y.t.) аниқланиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига депортация қилинди.
Мазкур шахс илгари интернет орқали турли фирибгарлик схемаларини амалга ошириб, 10 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаросининг пулларини ноқонуний равишда ўзлаштирганликда айбланмоқда.
Унинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида жабрланган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига, унинг ҳудудий бўлинмаларига ёки Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига мурожаат қилишлари мумкин.
Таъкидлаймиз, жиноий жавобгарликдан қочиб хорижий давлатларда, жумладан Туркияда яширинаётган шахсларга нисбатан жиноий таъқиб қатъий ва изчил давом эттирилади.







