Ўзбекистон Вена конвенциясига расман қўшилди
Ҳужжат IAEA бош директори Рафаэль Гроссига Вена шаҳрида топширилди.

Халқаро атом энергияси агентлигининг (IAEA) Вена шаҳридаги бош қароргоҳида Ўзбекистоннинг “Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги” Вена конвенциясига қўшилиш ҳужжатини топшириш маросими бўлиб ўтди. Маросимда ҳужжат IAEA бош директори Рафаэль Гроссига тақдим этилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Учрашув давомида Рафаэль Гросси Ўзбекистон 2024 йилдан бери ядровий хавфсизлик билан боғлиқ бир нечта асосий халқаро конвенцияларга қисқа вақт ичида қўшилганини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу қарорлар Ўзбекистон раҳбариятининг ушбу йўналишга стратегик эътибор қаратлаётганини кўрсатади. Шунингдек, мамлакатда келгусида атом электр станцияси ва кичик модул реакторларни барпо этиш ташаббуслари давом эттирилаётгани қайд этилди.
Қайд этилишича, мазкур конвенцияга қўшилиш бўйича қонун 2025 йил 26 сентябрда қабул қилинган. У Ўзбекистоннинг ядро энергетикасини ривожлантириш, ядровий хавфсизлик стандартларини мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш борасида муҳим қадам бўлди. IAEA раҳбари учрашув якунида Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.







