Бизнесни ривожлантириш банки томонидан касаба уюшмаларининг 120 йиллиги нишонланди
Бугунги кунда банкнинг 3 мингдан ортиқ ходими Касаба уюшмаси аъзоси ҳисобланади. Тадбир доирасида банк жамоасининг фидокорона меҳнати, ижтимоий фаоллиги ва бирдамлиги эътироф этилди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни ҳамда мамлакат касаба уюшмаларининг 120 йиллик юбилейи муносабати билан “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан тантанали байрам тадбири ташкил этилди. Тадбир доирасида банк жамоасининг фидокорона меҳнати, ижтимоий фаоллиги ва бирдамлиги эътироф этилди.
Банк ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Ориповнинг таъкидлашича, жорий йилнинг январь–октябрь ойларида банк Касаба уюшмаси қўмитаси ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни рағбатлантириш ва ишга бўлган мотивациясини ошириш йўналишида кенг кўламли ишларни амалга оширган.
— Бугунги кунда банкнинг 3 мингдан ортиқ ходими Касаба уюшмаси аъзоси ҳисобланади. Улар учун спорт ва жисмоний фаолликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган, — дейди Шуҳрат Орипов. — Ходимлар футбол, мини-футбол, волейбол каби жамоавий спорт турларида бепул қатнашиш имкониятига эга. Шунингдек, фитнес, бассейн ва тренажор залларига чегирмали абонементлар тақдим этилган.

Шу билан бирга, ходимлар ва уларнинг фарзандлари ёзги оромгоҳлар ҳамда соғломлаштириш масканларида дам олиш имкониятига эга бўлдилар.
Касаба уюшмаси қўмитаси ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш мақсадида турли моддий ёрдамлар кўрсатиб келмоқда. Бу ёрдамлар туғилган кун, никоҳ тўйи, соғлиғини тиклаш каби турли ҳаётий вазиятларда амалга оширилади. Шунингдек, ходимлар малакасини ошириш ва янги кўникмаларни эгаллаш мақсадида хорижий тиллар курслари ташкил этилган.
Жорий йил давомида 111 нафар ходим Касаба уюшмаси қўмитаси маблағлари ва иш берувчи томонидан ажратилган мақсадли ресурслар ҳисобидан моддий ёрдам олди. Меҳнат таътили даврида эса ходимлар ва уларнинг яқинлари (ота-она, турмуш ўртоқи, фарзанди) икки йилда бир маротаба Ўзбекистон санаторий-курорт муассасаларида имтиёзли дам олиш ҳуқуқига эга. 2025 йилнинг ўтган 9 ойида 85 нафар ходимнинг оила аъзоларига шундай йўлланмалар берилган.
“Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида жорий йил давомида Жиззах вилояти, Зомин шаҳри, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Бухоро ва Қашқадарё (Мираки) ҳудудларига саёҳатлар ташкил этилди. Шунингдек, ёзги мавсумда 157 нафар ходим фарзанди соғломлаштириш оромгоҳларида дам олиш имкониятига эга бўлди.
Банкда ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. “БРБ Нафис аёллар” клуби аёл ходимларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш ва уларнинг касбий салоҳиятини ривожлантиришда муҳим роль ўйнамоқда.

Бундан ташқари, байрам тадбирлари, маданий учрашувлар, спорт мусобақалари, театр ва концертларга ташрифлар мунтазам ташкил этилиб, жамоада бирдамлик ва ишга бўлган қизиқиш янада мустаҳкамланмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Касаба уюшмаси қўмитаси ходимларни қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшларни рағбатлантириш ва гендер тенгликни таъминлаш йўналишида самарали фаолият олиб бормоқда. Бу эса банк жамоасида ижобий муҳит ва юқори мотивацияни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
*Реклама ҳуқуқи асосида







