Ўзбекистонда чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаш ҳолатлари 10 мингга яқинлашди
Экология вазирлиги маълумотига кўра, йил бошидан буён аниқланган ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти Андижон ва Наманган вилоятларида қайд этилган.

2025 йил бошидан ноябрь ойигача Ўзбекистонда чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш билан боғлиқ деярли 10 мингта ҳолат аниқланган. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бу ҳолатлар республика бўйлаб ўрнатилган онлайн ИП-камералар орқали қайд этилганини маълум қилди.
Ҳуқуқбузарликларнинг қарийб 40 фоизи транспорт воситалари, қолган қисми эса фуқаролар томонидан содир этилган. Энг кўп қонунбузарликлар Андижон (3001 та) ва Наманган (2937 та) вилоятларида қайд этилган бўлса, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳам «етакчи»лар қаторида. Шу пайтгача 2 мингдан ортиқ шахсга жарима қўлланилган, яна 7,5 мингдан ортиқ ҳолат бўйича ишлар давом этмоқда.
Вазирлик маълумотига кўра, жами 956 миллион сўмдан зиёд жарима ундирилган. Мутасаддилар фикрича, бу каби онлайн кузатув тизимлари нафақат чиқинди ташлаш, балки бошқа экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳам ёрдам беради.







