Япония Ўзбекистонга 5,7 млн долларлик тиббий ускуналар етказиб беради
Грант дастури доирасида республика бўйлаб туман тиббиёт бирлашмалари маммография аппаратлари билан таъминланади.

Соғлиқни сақлаш вазири Япониянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси билан учрашди. Учрашувда Япония ҳукуматининг грант дастури асосида маммография аппаратлари етказиб бериш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Лойиҳа қиймати 5,7 миллион долларни ташкил этади.
Мазкур ташаббус 2025–2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, мамлакатда аёлларда кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш тизимини кенгайтиришга қаратилган. Маммография ускуналари республика бўйича туман тиббиёт бирлашмаларига босқичма-босқич топширилади. Лойиҳа “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида амалга оширилмоқда.
Учрашув доирасида томонлар грант дастури асосида жиҳозларни етказиб бериш бўйича меморандум имзолади. Шу билан бирга, Ўзбекистонда кўкрак бези саратонини эрта босқичларда аниқлашга хизмат қилувчи сунъий интеллект дастурлари сони ортиб бораётгани қайд этилди — ҳозирда бу каби амалиётлар 43 тага етган.







