Божхона: 1 триллион сўмлик контрабанда товарлари тўхтатиб қолинди
Божхона қўмитаси ўтган 10 ойлик фаолият давомида тақиқланган моддалар ва ноқонуний товарлар бўйича катта кўрсаткичларни эълон қилди.

Ўзбекистон божхона органлари 2025 йилнинг ўтган ўн ойи давомида гиёҳванд моддалар, қурол-яроғ ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига қарши курашишда сезиларли натижаларга эришди. Тизим ходимлари томонидан йирик миқдордаги тақиқланган моддалар ва контрабанда товарларнинг олди олинди.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида 1 тонна 610 килограмм наркотик воситалар, шунингдек 1 тонна 55 килограммдан ортиқ психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар мусодара қилинган.
Шу билан бирга, ноқонуний айланмадан 137 дона ўқотар ва тиғли қурол, 566 дона турли калибрдаги ўқ-дорилар, 44,5 миллиард сўм қийматдаги тамаки маҳсулотлари ҳам олиб қўйилган.
Божхона ходимлари томонидан қиймати қарийб 1 триллион сўмлик товарларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди. Улар орасида 73,3 миллиард сўмлик хорижий валюта, 114,1 миллиард сўмлик заргарлик буюмлари ва бошқа товарлар мавжуд.
Божхона органлари томонидан кўрилаётган тизимли чоралар мамлакат иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлаш, контрабанда ва жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.







