Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари учрашди
Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари ўртасида уч давлатнинг давлат чегаралари туташган нуқталари тўгрисидаги Шартнома ратификация ёрлиқлари билан алмашиш тўғрисидаги Баённома имзоланди.

Бугун, 15 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтфи. Унда илк бора Озарбайжон ташқи ишлари вазири ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Zamon.uz мухбири Шоҳжаҳон Мажидов хабар қилди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ермек Кошербаев, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеэнбек Кулубаев, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Сердар Муҳамметдурдиев, ҳамда Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов иштирок этди.
Томонлар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви кун тартибига оид масалалар, асосий қарорлар ҳамда минтақавий ҳамкорликни белгиловчи ҳужжатларни муҳокама қилдилар.
Музокаралар давомида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда минтақанинг умумий фаровонлигини ривожлантиришга хизмат қилувчи имкониятлар кўриб чиқилди.
Учрашув иштирокчилари интеграцияни чуқурлаштириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва умумий вазифаларни ҳамкорликда ҳал этиш масалалари юзасидан фикр алмашди.







