Шавкат Мирзиёев ташқи меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш бўйича тақдимот билан танишди
Хизматларни "ягона дарча" асосида бирлаштириш, малака ошириш марказларини очиш ва Европа билан ҳамкорликни кучайтириш асосий вазифалардан этиб белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни ташқи меҳнат миграцияси тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган масалаларни кўриб чиқди. Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда миграция тизимидаги ислоҳотлар самара бериб, гарчи хорижда ишлаётган фуқаролар сони камайган бўлсада, уларнинг Ўзбекистонга юборган пул ўтказмалари 2016 йилга нисбатан қарийб 4 баробар ошиб, 2025 йилнинг ўн ойи якунида 15,8 миллиард долларга етган. Бироқ, хорижий меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 140 мингдан ортиқ бўш иш ўринларига муносиб тил ва касбий малакага эга мутахассисларни тайёрлашда ҳали ишлар кўплиги қайд этилди. Шунингдек, хизматларнинг тарқоқлиги сабабли фуқаролар оворагарчиликка дуч келаётгани таъкидланди.
Ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсадида, барча миграция хизматларини "ягона дарча" тамойили асосида бирлаштириш вазифаси қўйилди. Амалий қадам сифатида, Тошкентнинг Учтепа туманида “Хорижга ишга тайёрлаш маркази”, Термиз шаҳрида эса “Ягона миграция хизматлари” маркази ташкил этилади. Европа мамлакатларига миграция оқими 4 баробар кўпайганини инобатга олиб, Германия ва Япония каби давлатлар билан ҳамкорликда тил ўқитиш мактаблари очиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш учун Европа давлатлари билан ҳукуматлараро келишувларни имзолашни жадаллаштириш бўйича топшириқ берилди.
Тақдимотда миграция хизматларини рақамлаштиришни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирда “Хорижда иш” платформаси орқали 25 турдаги хизматлар кўрсатилиб, 2025 йил бошидан 524 минг фуқаро онлайн хизматлардан фойдаланган. Президент сунъий интеллект (АИ) технологияларини жорий этиш, биометрик идентификация, хориждаги иш ўринларини реал вақт режимида кузатишни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, ноқонуний миграция ва фирибгарлик ҳолатларига қарши курашиш мақсадида лицензиясиз консалтинг ташкилотлари учун жарималарни ошириш ва Жиноят кодексига янги жавобгарлик киритиш масаласи ўрганиладиган бўлди. Давлат раҳбари тақдим этилган барча таклифларни маъқуллаб, миграция жараёнларини янада қулай, хавфсиз ва шаффоф қилиш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.







