Андижонда 2 млрд сўмлик тилла буюмларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
Божҳона ходимлари фуқарони йирик миқдордаги олтинни ноқонуний тарзда олиб ўтаётган вақтида қўлга олишган.

Андижон шаҳрида Давлат Божҳона қўмитаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан йирик миқдордаги заргарлик буюмларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Ҳодиса фуқаро посилкани олаётган пайтда аниқланди.
Жўнатма очилганда, умумий оғирлиги 1 кг 138 г бўлган 175 та олтин буюмлари топилди. Ушбу буюмларни олиб ўтаётган шахсда божҳона расмийлаштируви ва сифат ҳужжатлари йўқ эди.
Олиб қўйилган нарсанинг дастлабки баҳоси қарийб 2 миллиард сўмни ташкил этади. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича текширув олиб борилмоқда.







