“Навоий” постида Қозоғистон фуқароси танасига яширган 22 та iPhone 17 билан ушланди
Шунингдек, яна бир фуқаронинг пайпоғи ичидан оғзаки декларация қилинмаган ва божхона декларациясида кўрсатилмаган 10 дона дори воситаси ҳам топилган.

Божхона ходимлари Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний равишда товар олиб киришга уринган Қозоғистон фуқаросини қўлга олди. “Навоий” чегара божхона постида хизмат олиб бораётган инспекторлар чет эл фуқаросининг ғалати юришидан шубҳаланиб, уни шахсий кўрикдан ўтказишган.
Кўрик давомида фуқаро танасига махсус лента ёрдамида 22 дона iPhone 17 русумли мобил телефонни яширгани аниқланган. Контрабанда маҳсулотларининг умумий қиймати 500 миллион сўмдан ортиқ экани маълум бўлди.
Яна бир ҳолатда,Ўзбекистонга кириб келган фуқаронинг пайпоқ ичига яширилган, оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган 10 дона конвалютда, жами 200 дона капсула шаклидаги дори воситалари борлиги фош этилди.
Ҳолат юзасидан белгиланган тартибда иш юритув ҳаракатлари бошлаб юборилган.







