Ўзбекистонда орган трансплантацияси учун тиббий маълумотнома бериш тартиби тасдиқланди
Ретсипиент ва донор давлат тиббиёт муассасаларида уч ой ичида кўрикдан ўтиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг маълумотига кўра, эндиликда инсон аъзолари трансплантацияси учун ретсипиент ва донорларга тиббий маълумотнома бериш тартиби расмийлаштирилди.
Трансплантация жараёнида иштирок этувчи шахслар уч ой муддат ичида давлат тиббиёт муассасаларида тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Рухсатнома Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, муассасалар ҳузуридаги тиббиёт ҳайъати томонидан берилади.
Тиббиёт ҳайъати ретсипиентнинг жарроҳлик амалиётига эҳтиёжи ва донорнинг соғлиғини баҳолайди. Ҳайъат хулоса чиқариши ёки маълумотнома беришдан бош тортиши мумкин.
Шунингдек, агар трансплантация натижасида ретсипиент ёки донорда кўриш, нутқ, эшитиш, руҳий ҳолат ёки меҳнат қобилияти 33 фоиздан ортиқ зарар кўриши мумкин бўлса, тиббиёт ҳайъати хулоса бермайди.








