Экология миллий қўмитаси барча қурилиш компанияларини огоҳлантирди
Талаблар бузилганда жарима, фаолиятни 10 кун тўхтатиш ёки тугатиш чоралари қўлланади.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси барча қурилиш ташкилотларига қурилиш жараёнида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга доир талаблар қатъий бажарилиши шартлиги ҳақида расмий огоҳлантириш йўллади.
Қонунчилик талабларига кўра, қурилиш майдонларида қуйидаги мажбурий чоралар амалга оширилиши керак:
— қурилиш жараёнида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишига йўл қўймаслик;
— кириб-чиқиш йўлакларида осма ёмғирлатгичлар ва сув пуркагичлар ўрнатиш;
— автотранспорт воситалари ғилдиракларини мажбурий ювиш учун махсус ювиш пости ташкил этиш;
— чанг тарқалишини чеклаш мақсадида майдонни тўсиқлар, ҳимоя қопламалари ёки махсус материаллар билан жиҳозлаш.
Кўрсатилган талабларнинг бажарилмаслиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ жарима ва бошқа чоралар қўлланишига олиб келиши мумкин. Қоидабузарлик аниқланганда фаолият 10 иш кунигача вақтинча тўхтатилиши ёки белгиланган тартибда бутунлай тугатилиши эҳтимоли ҳам мавжуд.







