“Тандирда нон ёпган аёлда рак бўлмайди” — Зойир Мирзаев
Вилоят ҳокими онкологик касалликлар кўпайишини аёлларнинг камҳаракатлиги ва тандир ишлатмаслигига боғлади.

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев йиғилишлардан бирида аёллар орасида онкологик касалликлар кўпаяётганига оид шахсий фикрини билдириб, мунозараларга сабаб бўлди. Унга кўра, тандирда нон ёпиш жараёни аёл организмида қон айланишини тезлаштириб, касалликлардан ҳимоя қилиши мумкин.
Ҳоким ўз нутқида айрим маҳаллаларда тандирлар ишлатилмаётгани, анъанавий нон пишириш одатлари йўқолиб бораётганини танқид қилди. У ўтмишда аёллар маккажўхори уни ва қора буғдойдан тайёрланган соғлом нонларни пиширгани, бугунги кунда эса “аччиқ булка”га ўрганиб қолинганини айтди.
Мирзаев бу фикрни Самаркандда фаолият юритган пайтида Кореядан келган шифокор билан боғлаб ўтди. Унинг иддаосига кўра, мутахассис аёллар орасида саратон касаллигининг кўпайишига оид бир нечта омилларни санаб, шулар орасида тандир ишлатилмаслигини ҳам тилга олган.
Эслатиб ўтамиз, Зойир Мирзаев бундан аввал ҳам маҳаллий раҳбарлар фаоллигини танқид қилиб, айрим йиғилишлардаги қатнашувчиларни “мажбурий меҳнат” ҳақида шикоят қилишда айблаган эди. Шунингдек, у 5 йилдан бери қисқа меҳнат таътилларига чиқишини айтиб, ортиқча юклама ва чекланмаган иш куни раҳбарлар руҳиятига салбий таъсир қилишини таъкидлаган.







