Туркистондан Урганч, Бухоро ва Самарқандга тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилади
Қозоғистон авиакомпанияси декабрдан учта йўналишда мунтазам парвозларни бошлайди.

Қозоғистоннинг SCAT авиакомпанияси декабрь ойидан бошлаб Туркистон шаҳридаги Ҳазрат Султон халқаро аэропортидан Ўзбекистоннинг учта шаҳри — Урганч, Бухоро ва Самарқандга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўймоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.
Урганч йўналишидаги парвозлар 1 декабрдан ҳафтанинг душанба, жума ва якшанба кунлари амалга оширилади.
Бухоро йўналишидаги қатновлар 2 декабрдан сешанба, пайшанба ва шанба кунлари учирилади.
Самарқандга рейслар эса 3 декабрдан бошлаб чоршанба, жума ва якшанба кунлари бажарилади.
Расмий маълумотга кўра, янги йўналишлар икки давлат ўртасидаги транспорт алоқаларини кенгайтираб, минтақa бўйлаб саёҳат қилишни янада қулайлаштиради.
Август ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон авиация соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олган эди. Эндиликда икки давлат ўртасида ҳафтасига 238 та рейсга рухсат берилган бўлиб, йўналишлар сони босқичма-босқич кенгайиб бормоқда.







