Иссиқхоналарда табиий газ етказиб берилади, шина, мазут, битум каби маҳсулотлар ёққан иссиқхоналар жазоланади - Президент Фармони
Майдони 200 м² ва ундан катта иссиқхоналар учун чанг-газ тозалаш ускуналари мажбурий қилинади.

Энергетика вазирлиги бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги барча иссиқхона объектларига табиий газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузилишини ва узлуксиз газ таъминотини ташкил этади.
Шу билан бирга, қоидаларни бузган иссиқхоналар жазо чораларига тортилади. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси бир ҳафта ичида қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқади:
Майдони 200 м² ва ундан катта бўлган иссиқхоналарда чанг-газ тозалаш ускуналари мавжуд бўлмаганда ёки носоз ишлаганда юридик шахсларнинг мансабдор шахсларига 5 баравар, жисмоний шахсларга 3 баравар маъмурий жарима қўлланади.
Шу турдаги иссиқхоналарда шина, мазут, битум, ишлатилган автомобиль мойи, плёнка, резина, жун толаси ва бошқа ёқилғи моддалар ёқилган ҳолларда иситиш қозонхонасини давлат фойдасига мусодара қилишни назарда тутувчи жиноий жавобгарлик жорий этилади.
Мазкур чора-тадбирлар шаҳар ва атроф-муҳитни ифлослантиришнинг олдини олиш ҳамда табиий газ ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган.







