Жиззахда аёл МИБ орқали келинлик сарполарини қайтариб олди
Ижро ҳаракатлари давомида 13 турдаги мол-мулк хатловдан ўтказилиб, ундирувчи — келинга қайтариб берилди.

Ҳаётда турли вазиятлар юз бериши мумкин. Оилавий ажралиш эса нафақат руҳий, балки моддий томондан ҳам қийинчиликларни келтириб чиқаради. Айниқса, келинлик сарполарини қайтариб олиш баъзан жиддий муаммога айланади. Бироқ қонун ҳимоясида бундай масалалар ҳал этилади.
Яқинда Мажбурий ижро бюросининг Зарбдор туман бўлимига Фуқаролик ишлари бўйича суднинг ижро ҳужжати келиб тушди. Унга кўра, фуқаро Н.А. фойдасига, ажрашганидан сўнг, келин бўлиб борган уйидан 13 турдаги шахсий мол-мулкни (келинлик сарполарини) қайтариб бериш белгиланган эди.
Давлат ижрочиси ушбу ижро ҳужжати асосида ишга киришди. Қарздор билан музокаралар олиб борилиб, зарур ижро ҳаракатлари амалга оширилди. Холислар иштирокида ҳужжатда кўрсатилган барча 13 турдаги мол-мулк хатловдан ўтказилиб, ундирувчи — келинга қайтариб берилди.
МИБ ходимларининг тезкор ва қонуний ҳаракатлари натижасида фуқаро ўз қонуний мулкини тўлиқ қайтариб олишга муваффақ бўлди.







