Тошкентда 3 ойда 12 та сунъий кўл ва сув ҳавзаси барпо этилади — Президент Фармони
Икки ҳафта ичида фавворалар сонини камида икки баравар кўпайтириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади.

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар тўғрисида” Фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус комиссия тузилди. Фармонда кўзда тутилган асосий чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:
Қурилиш майдонларида назоратни кучайтириш
Бир ҳафта ичида 500 м² ва ундан катта майдонларда комплекс текширувлар ўтказилади. Текширувлар давомида майдонларнинг камида 25 фоизи кўкаламзор қилинганлиги, сув пуркагичлар ўрнатилганлиги, кириш-чиқиш йўлларида транспорт воситалари ювиладиган ҳавзалар мавжудлиги ҳамда материаллар бурезнт ёки PVC қоплама билан ёпилган ҳолда ташилаётгани назорат қилинади.
Чиқиндилар, чанг ва қумнинг ҳавога кўтарилишига йўл қўймаслик бўйича қатъий талаблар амалга оширилади.
Катта қурилиш майдонларида мониторинг
Майдони 1 000 м²дан ортиқ бўлган қурилиш объектларида мониторинг станцияларини ўрнатиш мажбурий этиб белгиланди. Ускуналар Экология қўмитаси тизимига уланади ва қурилиш ишларини давом эттириш шарти сифатида кўзда тутилади. Йўл бўйларидаги дарахт ва буталарни мунтазам ювиш, кўп қаватли уйлар учун суғориш резервуарларини ўрнатиш чоралари кўрилади.
Уч ой муддатда шаҳарнинг тўрт йўналиши бўйича камида учтадан сунъий кўл ва сув ҳавзаси барпо этилади. Икки ҳафта ичида Тошкентдаги фавворалар сонини камида икки баравар кўпайтириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади ва тақдим этилади.
2025 йил охиригача атмосфера назорати тизими тўлиқ модернизация қилинади
347 та автоматлаштирилган станция харид қилиниб, “Air Monitoring Tashkent” тизими Экология қўмитаси бошқарувига ўтказилади. Тизим “Air Monitoring Uzbekistan” платформасига интеграция қилинади. Шу билан бирга, Гидрометеорология хизмати станциялари ва “Замин” фонди ўрнатган постлар ягона мониторинг тизимига уланади.
Фармон Тошкент шаҳридаги экологик вазиятни яхшилаш ва ҳавонинг сифатини оширишга қаратилган комплекс чораларни амалга оширишни назарда тутади.







