Ўзбекистон

Президент Миллий статистика қўмитасининг ҳисоботи билан танишди

Миллий статистикани замонавий ва халқаро даражада тан олинадиган тизимга айлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Президент Миллий статистика қўмитасининг ҳисоботи билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг ҳисоботи билан танишди.

 

Жорий йил февраль ойида “Статистика ишларини ташкил этиш ва юритиш тизимини янги босқичга олиб чиқиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинган эди. Фармонга кўра, Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги Миллий статистика қўмитаси сифатида қайта ташкил этилди ҳамда статистика ишлари самарадорлигини янада оширишнинг устувор йўналишлари белгиланди.

 

Йиғилишда ўтган даврда амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди.

 

Жумладан, идоралараро маълумот алмашинуви кенгайтирилиб, 60 та интеграция жорий этилгани натижасида ҳисобот юкланмаси 27 фоизга қисқарди. Шу жумладан, солиқ органларининг онлайн-касса маълумотлари, электр энергияси ва табиий газ истеъмоли, қишлоқ хўжалиги экин майдонлари ва ҳосил тўғрисидаги маълумотларни автоматлаштирилган ҳолда қабул қилиш йўлга қўйилди.  

 

Йиғилишда ялпи миллий маҳсулотнинг номинал ҳажмини ҳисоблашни яхшилаш бўйича қилинган ишлар юзасидан ахборот берилди. 

 

Бозор хизматлари, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, саноат ва бюджет харажатларини статистика билан янада кенгроқ қамраб олиш натижасида қўшимча 81 триллион сўм қўшилган қиймат инобатга олиниб, 2024 йил якунлари бўйича ЯИМ ҳажми 115 миллиард доллардан 121,4 миллиард долларга ошди.

 

Шу билан бирга, яширин иқтисодиёт улуши 2017 йилдаги 50 фоиздан 2024 йилда 35 фоизгача камайгани таъкидланди. Яқин истиқболда яна 79 триллион сўмлик норасмий иқтисодиётни статистика билан қамраб олиш, яширин иқтисодиёт улушини 29 фоизгача тушириш имконияти мавжудлиги маълум қилинди.

 

Президентимиз глобал бозорда электрон савдо ҳажми жадал ўсаётганини таъкидлади. Мамлакатимизда бу соҳанинг ўсиш суръатлари 9-11 фоизга етиши кутилмоқда. Шунингдек, ахборот технологиялари ва масофавий хизматлар, фриланс каби янги соҳалар тез ривожланяпти. Миллий статистика тизими олдида бу соҳаларни ҳам қамраб олиш бўйича муҳим вазифалар тургани кўрсатиб ўтилди.

 

Истеъмол нархлари индексини тузишда маълумотларни қўлда йиғиш амалиётидан воз кечиб, АT ва сунъий интеллект технологияларига босқичма-босқич ўтиш зарурлиги таъкидланди.

 

Миллий статистикани замонавий ва халқаро даражада тан олинадиган тизимга айлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. 

 

Халқаро “Deloitte” консалтинг компанияси томонидан 23 та ташаббус ва 70 та лойиҳа ишлаб чиқилгани айтилди. Уларни босқичма-босқич амалга ошириш статистиканинг аниқлиги, тезкорлиги ва шаффофлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди. Бундан ташқари, Жаҳон банки билан биргаликда 2030 йилгача бўлган даврда статистикани ривожлантириш миллий стратегияси ишлаб чиқилмоқда. 

 

Келгуси йил январь ойида бошланадиган аҳолини рўйхатга олиш ишларига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. 

 

Ҳозиргача 9008 та маҳалла бўйича ташкилий режалар тасдиқланди, рўйхатга олишда иштирок этувчи 60 минг нафардан зиёд “маҳалла еттилиги” вакиллари ва масъул ходимлари учун махсус ўқув курслари ўтказилди.

 

Рўйхатга олиш электрон шаклда – махсус портал орқали ўтказилади. Маълумотлар порталга рўйхатга олувчилар томонидан уйма-уй юриб, планшет қурилмалари ёрдамида киритилади. Жараёнлар геоахборот тизими орқали мониторинг қилиб борилади. Бунинг учун рўйхатга олинадиган хонадонлар ва турар жойларнинг геоманзиллари шакллантирилди. 

 

Давлатимиз раҳбарига ҳудудларда бу борадаги ишларнинг тайёргарлик ҳолати юзасидан ҳисобот берилди.

 

Рўйхатга олиш жараёнларини янада такомиллаштириш йўллари, шу жумладан, рақамли платформалардан фойдаланиш кўникмаларини ошириш, хорижга ишлаш, ўқиш ёки хизмат сафарига кетган фуқароларни рўйхатга олиш, уйма-уй ва онлайн тўпланган маълумотларни интеграция қилиш бўйича аниқ ечимлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

 

Президентимиз аниқ, тезкор ва ишончли статистика давлат сиёсатини белгилаш, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишнинг муҳим омили эканини қайд этиб, соҳани стратегик ёндашув асосида трансформация қилишни давом эттириш топширилди.

 

Мутасаддиларга аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини юқори савияда ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Саида Мирзиёева Тошкент архитектура-қурилиш университети фаолияти билан танишди

Саида Мирзиёева Тошкент архитектура-қурилиш университети фаолияти билан танишди

Саида Мирзиёева замонавий ва яшил шаҳарларни барпо этишда янги авлод архитекторлари, лойиҳачилари ва муҳандисларини тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади.

Газ захиралари кўпайтирилади: геологик-қидирув ишлари 5 баробарга оширилади

Газ захиралари кўпайтирилади: геологик-қидирув ишлари 5 баробарга оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев нефть ва газ тармоғидаги йирик лойиҳалар билан танишди.

Тошкентда 100 та ҳожатхона ташкил этилади: лойиҳага 140,4 млн сўм ажратилиши мумкин

Тошкентда 100 та ҳожатхона ташкил этилади: лойиҳага 140,4 млн сўм ажратилиши мумкин

Санитария-гигиена шохобчалари соддалаштирилган тартибда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилади.

75 млн сўмлик жиноят иши: «Сирожиддин медиа» раҳбари қамалди

75 млн сўмлик жиноят иши: «Сирожиддин медиа» раҳбари қамалди

У фирибгарлик ва товламачилик моддалари бўйича айбдор деб топилган.

Нобел – 2026: 3 нафар оптогенетика асосчилари мукофотланди

Нобел – 2026: 3 нафар оптогенетика асосчилари мукофотланди

Уларнинг тадқиқотлари ёрдамида ёруғлик орқали нерв ҳужайраларини аниқ фаоллаштириш ёки фаолсизлантириш имкониятига эришилди.

Ўзбекистонда Хитой университети филиали очилади

Ўзбекистонда Хитой университети филиали очилади

Таълим ўзбек, хитой ёки инглиз тилларида кундузги ва муқобил шаклларда олиб борилади.

Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларни табриклади

Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларни табриклади

Миллий терма жамоа 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза медали билан Хитой, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан кейин бешинчи ўринни эгаллаганди.

Ўзбекистонликлар учун Латвия визаси: чеклов таклиф қилинди

Ўзбекистонликлар учун Латвия визаси: чеклов таклиф қилинди

Бунга айрим ўзбекистонликларнинг мамлакат ҳудудида вояга етмаганларга қарши содир этган жиноятлари сабаб бўлган.

Президент Миллий статистика қўмитасининг ҳисоботи билан танишди | Zamon.uz