Ўзбекистон

Тошкентда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижросида ННТлар ролига бағишланган давра суҳбати ўтказилди

Иштирокчилар “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг самараси ва жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларини муҳокама қилиб, давлат ва жамият ўртасидаги очиқ мулоқотни кенгайтириш зарурлигини қайд этди.

Тошкентда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижросида ННТлар ролига бағишланган давра суҳбати ўтказилди

 

Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш ва унинг ижросини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

 

Тадбир “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унда давлат органлари, вазирлик ва идоралар, ННТлар, халқаро ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

 

Қайд этиш жоиз, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакат тараққиётининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи, инсон манфаатлари ва жамиятнинг барча қатламларини қамраб олишга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Президентнинг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида” ПФ-158-сон Фармонида фуқаролик жамияти институтларини стратегиянинг амалга оширилишига кенг жалб этиш, мониторинг жараёнида иштирокини таъминлаш алоҳида қайд этилган.

 

Шу муносабат билан ННТларнинг — жамиятдаги фаол, мустақил, ташаббускор институт сифатидаги ўрни янада ортмоқда. Давра суҳбатида мазкур ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳамкорлик механизмларини аниқ белгилаш ва келгуси қадамлар бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

 

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Ўзбекистон – 2030” стратегияси — халқ стратегияси экани, ислоҳотларнинг марказида инсон манфаати туриши лозимлиги, жамият фикри, фуқаролар назорати ва ННТлар фаолияти стратегия ижросини баҳолашда муҳим мезон экани, давлат ва жамият ўртасидаги очиқ мулоқотни кучайтириш бугунги куннинг энг муҳим талаби экани юзасидан фикр юритди.

 

–  Ислоҳотлар марказида инсон турган жойда стратегия муваффақиятли бўлади. Ҳозирги глобал шароитда ҳеч бир давлат ислоҳотларни ёлғиз амалга ошира олмайди. Давлат ва жамият ўртасидаги ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва ўзаро ишонч — самарали бошқарувнинг асосий мезонига айланди. Шу боис, фуқаролик жамияти институтларининг роли бугун амалий давлат сиёсатининг ўзагидир.

 

Ҳуқуқий демократик давлат қуришда фуқаролик жамиятининг ўрни замон талаби. Давлат бошқарувининг самарадорлиги энди фақат ички жараёнларга эмас, балки давлатнинг қай даражада эшитиши, тушунтириши ва ҳисобдор бўлишига боғлиқ, – деди Элдор Туляков.

 

Тадбир давомида стратегиядаги мақсад ва кўрсаткичларнинг изчил, сифатли ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан самарали жамоатчилик назоратини ўрганиш мақсадида ишга туширилган махсус онлайн портал – “uzbekistan2030.uz” ҳақида ҳам маълумот тақдим қилинди.

 

Таъкидланганидек, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан юритиладиган ушбу платформа орқали аҳоли Стратегия ва Давлат дастурларининг ижроси, шунингдек, ҳар бир мақсад ва кўрсаткичлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини билдириш имкониятига эга. Ўз навбатида, Марказ ходимлари барча таклиф ва ташаббусларни умумлаштириб ҳар ойда Республика комиссиясига тақдим этиб боради.

 

Шунингдек, ҳар йили БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғун ҳолда стратегиянинг амалга оширилиши таҳлил қилиниб, жамоатчиликка эълон қилинади. Тадбирда мазкур платформа тақдимоти ўтказилиб, унинг имкониятлари, жамоатчилик фикрини тақдим этиши, Стратегия ва Давлат дастурлари ижроси ҳақидаги очиқ маълумотлар, фуқаролар фикрини тўплаш механизми ва лойиҳаларнинг батафсил статистик маълумотларини эълон қилиб борилиши тартиблари ҳақида маълумотлар берилди.

 

Давра суҳбатида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Мавлудахон Ходжаева ўз нутқида мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида мустақиллик йилларидан буён яратилган ҳуқуқий база, 2016 йилдан бошланган янги ривожланиш босқичи, Президент фармонларининг аҳамияти, қонун ижодкорлиги ва парламент назоратида фуқаролик жамияти институти иштирокининг кенгайиши, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижросини таъминлаш, қонунлар сифатини ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва ижтимоий фаолликни оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди.

 

– Парламент ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги конструктив мулоқот ва ҳамкорликни кенгайтириш долзарб аҳамият касб этмоқда.

 

Бугунги кунда бу борада фаолиятимизнинг ташкилий-амалий механизмлари яратилган.

 

Жумладан, Қонунчилик палатасининг ҳар бир қўмитаси ҳузурида Жамоатчилик кенгашлари ташкил этилгани фуқаролик жамияти институтларининг норма ижодкорлиги ва парламент назорати жараёнларидаги иштирокини янада кенгайтирди, – деди Спикер ўринбосари.

 

Шунингдек, тадбир давомида вазирлик ва идоралар вакиллари ҳам сўзга чиқиб “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва Давлат дастурлари ижроси доирасида бажарилаётган ислоҳотлар ва уларнинг халқимиз ҳаётидаги аҳамияти хусусида фикр юритди.

 

Хусусан, энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, “яшил энергетика” лойиҳалари ва мазкур жараёнда жамоатчилик ҳамкорлигининг аҳамияти, аҳоли ўртасида энергия тежамкорлиги бўйича олиб борилаётган ишлар, ННТлар билан амалга оширилган экологик ва ижтимоий лойиҳалар, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг жамоатчилик иштирокида амалга оширилиши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик маданиятни оширишда ННТларнинг қўллаб-қувватловчи роли, экологик вазиятни яхшилаш бўйича кенг қамровли янги ташаббуслар, сув ресурсларини тежаш маданиятини ошириш, ННТлар билан сув ресурсларини бошқариш бўйича қўшма лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

 

Давра суҳбати якунида ННТлар учун янги грант механизмларини шакллантириш, давлат органлари билан ўзаро ахборот алмашинувини такомиллаштириш, жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асосларини янада кучайтириш, экологик ва ижтимоий дастурларда ННТлар иштирокининг самарадорлигини ошириш, Ўзбекистоннинг миллий стратегияларини амалга оширишда халқаро тажрибадан фойдаланиш бўйича фикрлар илгари сурилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази

Ахборот хизмати

Саида Мирзиёева Тошкент архитектура-қурилиш университети фаолияти билан танишди

Саида Мирзиёева Тошкент архитектура-қурилиш университети фаолияти билан танишди

Саида Мирзиёева замонавий ва яшил шаҳарларни барпо этишда янги авлод архитекторлари, лойиҳачилари ва муҳандисларини тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади.

Газ захиралари кўпайтирилади: геологик-қидирув ишлари 5 баробарга оширилади

Газ захиралари кўпайтирилади: геологик-қидирув ишлари 5 баробарга оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев нефть ва газ тармоғидаги йирик лойиҳалар билан танишди.

Тошкентда 100 та ҳожатхона ташкил этилади: лойиҳага 140,4 млн сўм ажратилиши мумкин

Тошкентда 100 та ҳожатхона ташкил этилади: лойиҳага 140,4 млн сўм ажратилиши мумкин

Санитария-гигиена шохобчалари соддалаштирилган тартибда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилади.

75 млн сўмлик жиноят иши: «Сирожиддин медиа» раҳбари қамалди

75 млн сўмлик жиноят иши: «Сирожиддин медиа» раҳбари қамалди

У фирибгарлик ва товламачилик моддалари бўйича айбдор деб топилган.

Нобел – 2026: 3 нафар оптогенетика асосчилари мукофотланди

Нобел – 2026: 3 нафар оптогенетика асосчилари мукофотланди

Уларнинг тадқиқотлари ёрдамида ёруғлик орқали нерв ҳужайраларини аниқ фаоллаштириш ёки фаолсизлантириш имкониятига эришилди.

Ўзбекистонда Хитой университети филиали очилади

Ўзбекистонда Хитой университети филиали очилади

Таълим ўзбек, хитой ёки инглиз тилларида кундузги ва муқобил шаклларда олиб борилади.

Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларни табриклади

Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларни табриклади

Миллий терма жамоа 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза медали билан Хитой, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан кейин бешинчи ўринни эгаллаганди.

Ўзбекистонликлар учун Латвия визаси: чеклов таклиф қилинди

Ўзбекистонликлар учун Латвия визаси: чеклов таклиф қилинди

Бунга айрим ўзбекистонликларнинг мамлакат ҳудудида вояга етмаганларга қарши содир этган жиноятлари сабаб бўлган.

Тошкентда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижросида ННТлар ролига бағишланган давра суҳбати ўтказилди | Zamon.uz