Комил Алламжонов “Дўстлик” ордени билан мукофотланди
Комил Алламжонов Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги сиёсий-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун тақдирланди.

Президент администрацияси раҳбарининг маслаҳатчиси ва администрациянинг АҚШдаги вакили Комил Алламжонов “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Комил Алламжонов 2025 йил июнидан Президент администрацияси раҳбарининг маслаҳатчиси, шу йил ноябридан эса администрациянинг АҚШдаги вакили сифатида фаолият юритмоқда.
Унинг ушбу лавозимлардаги фаолияти даврида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий алоқалар фаоллашган. Жумладан, икки давлат президентлари сўнгги бир йил ичида тўрт марта юзма-юз учрашган.
Шунингдек, АҚШ–Ўзбекистон Ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШдаги йирик компаниялар вакиллари билан учрашувлари ўтказилган.
2026 йил 1 январдан Ўзбекистон резидентларининг АҚШда компания ташкил этиш ёки Америка компаниялари акцияларини сотиб олиш учун маблағ юборишида ҳукумат рухсатини олиш талаби ҳам бекор қилинган.
Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон резидентлари хорижий активларга 153 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритган.
Комил Алламжонов, шунингдек, Жорж Вашингтон университетининг Марказий Осиё дастури бўйича махсус маслаҳатчиси ҳисобланади.








