28 миллион сўмлик гиёҳванд модда: икки фуқаро ушланди
Гумонланувчилардан бирининг хонадонидан ҳам гиёҳванд моддалар топилган.

Навоий вилоятида 350 грамм марихуанани 28 миллион сўмга сотаётган икки нафар фуқаро қўлга олинди. Улардан бирининг уйидан қўшимча равишда 1,2 килограмм марихуана ва саккиз туп каннабис ўсимлиги топилди.
Маълум қилинишича, Навоий вилояти ИИБ тезкор-қидирув хизмати ходимлари ўтказган тадбирда Самарқанд вилояти Қўшработ туманида яшовчи икки фуқаро 350 грамм марихуанани харидорга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчилардан бирининг яшаш хонадони текширилган. Натижада оғилхонадан 1 килограмм 200 грамм марихуана ва саккиз туп каннабис ўсимлиги аниқланган.
Шу тариқа, жами 1 килограмм 550 грамм марихуана ва саккиз туп каннабис ўсимлиги ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








