Ҳусийлар ҳужуми кучайди: Буюк Британия Саудия Арабистонига қирувчи самолётлар юборади
Самолётлар фақат мудофаа вазифасини бажариши ва ҳусийларга қарши ҳужумларда қатнашмаслиги билдирилди.

Буюк Британия ҳусийларнинг ракета ва дрон ҳужумлари кучайгани сабабли Саудия Арабистонини ҳимоя қилиш учун Typhoon қирувчи самолётларини юборади. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати маълум қилди, дея хабар бермоқда BBC.
Британия мудофаа вазири Уэс Стритингнинг айтишича, самолётлар фақат мудофаа вазифасини бажаради ва ҳусийларга қарши ҳужумларда қатнашмайди. Бош вазир Энди Бёрнхем маъқуллаган миссия Саудия Арабистони шаҳарлари ва инфратузилмасини ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилишга қаратилган.
Қарор ҳусийларнинг Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд ва мамлакатнинг энергетика объектларига ҳужумларидан кейин қабул қилинган. Саудия Арабистони расмийларига кўра, ҳусийларнинг аэропортларга ҳужумлари оқибатида 19 киши ҳалок бўлган. 10 октябрь куни Ар-Риёд халқаро аэропортига берилган ракета зарбаси 13 кишининг ҳаётига зомин бўлган, 308 киши яраланган.
Буюк Британия, шунингдек, Саудия Арабистонига ҳарбий маслаҳатчилар ва А400М транспорт самолётини юборади. Улар мудофаа ускуналарини мамлакат ичида ташишга кўмаклашади. Саудия Арабистони мудофаа операцияларини қўллаб-қувватлаш учун Британия томонидан тақдим этилаётган ҳавода ёнилғи қуйиш хизмати муддати ҳам 90 кунга узайтирилган.
Британия ҳукумати бу ёрдам Саудия Арабистонининг ҳаво мудофааси имкониятларини кучайтириш ва мамлакатнинг ўз самолётларини бошқа ҳарбий операциялар учун бўшатишга хизмат қилишини билдирди.
Ҳусийлар Яманда халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматга қарши курашмоқда. Саудия Арабистони эса ҳукумат кучларини қўллаб-қувватлайди. Томонлар ўртасидаги жанговар ҳаракатлар кучайиши минтақадаги хавфсизлик ва энергия таъминотига таъсир кўрсатмоқда.







