Эрон элчиси ТИВга чақиртирилди: Ўзбекистон норозилик нотасини топширди
Эроннинг хориждаги элчихоналари Самарқанднинг тарихий-маданий меросини форс цивилизациясига боғловчи постлар эълон қилганди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг айрим хорижий давлатлардаги элчихоналари Самарқанднинг тарихий-маданий меросини бирёқлама ва сиёсий мақсадларда талқин қилувчи материалларни эълон қилгани юзасидан Эрон томонига норозилик билдирди.
ТИВ маълумотига кўра, 23 октябрь куни Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий вазирликка чақиртирилиб, унга Ўзбекистоннинг қатъий эътирозини ифодаловчи норозилик нотаси топширилган.
Учрашувда Самарқанд, Бухоро, Хива ва мамлакатнинг бошқа тарихий шаҳарлари мероси Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихий-маданий тараққиётининг ажралмас қисми экани таъкидланган. Самарқанднинг тарихий қиёфаси ўзбек халқининг тарихи, давлатчилик анъаналари ва маданий тараққиётини акс эттириши қайд этилган.
Ўзбекистон томони Эрон дипломатик ваколатхоналарининг ижтимоий тармоқлардаги тегишли постларини олиб ташлаш ва келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик чораларини кўришни талаб қилган.
Вазирлик дипломатик ваколатхоналарнинг расмий ахборот ресурсларида эълон қилинадиган материаллар ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига мувофиқ бўлиши, тарихий-маданий масалаларни сиёсийлаштирмаслиги лозимлигини билдирган.
ТИВ Ўзбекистон Эрон билан ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатларни қадрлашини, шу билан бирга, мамлакат тарихий-маданий меросининг бирёқлама талқин қилинишига нисбатан принципиал позициясини сақлаб қолишини қайд этган.
Эроннинг Арманистондаги элчихонаси Марко Рубионинг Самарқанддаги Регистон майдонида олинган видеосини эълон қилиб, у турган жой форс цивилизацияси ва меъморчилигининг бир қисми эканини билдирган. Зимбабведаги элчихона Регистон майдонидаги равоқларни Эрон-ислом цивилизациясига хос меъморий белги сифатида тақдим этган.
Болгариядаги элчихона эса АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Самарқандда форс мероси фонида суратга тушганини таъкидлаб “Х” ижтимоий тармоғида пост жойлаган.








