Сенатнинг 10-ялпи мажлисида талабалар ўртасида жиноятчилик масаласи муҳокама қилинди. Маълумотларга кўра, 2024 йилда олий таълим муассасалари талабалари иштирокида 761 та жиноят содир этилган бўлса, 2025 йилнинг 6 ойи давомида 102 та олийгоҳда 307 талаба томонидан турли жиноятлар содир этилган.
Асосий жиноятлар йўл-транспорт ҳодисалари, ўғрилик, тан жароҳати етказиш, безорилик ва фирибгарлик билан боғлиқ. Энг кўп жиноятлар Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент, Бухоро, Наманган, Андижон, Самарқанд, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида қайд этилган. Талабалар орасида ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти дарс вақтида, назоратнинг сустлиги сабабли содир этилгани таъкидланди.
Шунингдек, айрим Олий таълим муассасалари Вазирлар Маҳкамасининг талабаларга тютор бириктириш тартиби бўйича қарорига риоя қилмагани, ётоқхоналарда тартиб ва назорат етарли эмаслиги қайд этилди. Сўнгги йилларда соҳада ислоҳотларга қарамай, коррупция билан боғлиқ жиноятлар ҳам талабаларга салбий таъсир кўрсатаётгани сенаторлар томонидан танқид қилинди.
Муҳокама якунида талабалар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Комилжон Шариповга парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.


