Мазкур саволга юрист Саидали Мухторалиев қуйидагича жавоб беради.
“Мулк ижарага берилганида, тарафлар ўртасида шартномаси тузилади. Бу бўйича ҳар икки тарафда мажбурият бўлади. Жумладан, мулкни ижарага олган одам ундан қонунчилик ва ижара шартномасига риоя қилган ҳолда фойдаланиши талаб этилади. Шунингдек, ижарага олувчининг зиммасига ижара тўловларини тўлаш мажбурияти ҳам юклатилади.”
Мутахассис юқоридаги сўзларини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 351-моддасини мисол қилиб келтиради:
“Агар мажбуриятни қарздорнинг шахсий иштирокисиз бажариш мумкин бўлмаса ёки мажбурият бошқача тарзда қарздорнинг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлса, қарздор вафот этиши билан мажбурият бекор бўлади.”
Саидали Мухторалиев мазкур масалага бошқача ёндашишни ҳам тавсия қилади. Бунинг учун Фуқаролик кодексида ва “Ижара тўғрисида”ги қонунда бошқачароқ мазмундаги нормалар ҳам борлиги таъкидлайди.
Кўчмас мулкни ижарага олган фуқаро вафот этган тақдирда, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ушбу мол-мулкни ижарага топшириш шартномаси бўйича унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ворисга ўтади.
Фуқаролик кодекси. 549-модда.
“Бошида ушбу нормани қатъий, яъни марҳум ижарачининг вафотига қадар тўланмаган ижара қарзлари ҳам унинг ворисларига (шу жумладан, хотинига) ўтиши аниқ экан деб тушунасиз. Бироқ 549-моддада “агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса” деган жумлалар борлиги сабабли, аниқ хулоса учун “Ижара тўғрисида”ги қонунга аҳамият бериш керак”, - дейди юрист.
“Ижарачи вафот этган тақдирда унинг меросхўрларидан бири амал қилиб турган ижара шартномаси ва унинг шартлари асосида ўзини ижарачи деб эътироф этишни талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.”
“Ижара тўғрисида”ги қонун. 15-модда.
“Қонуннинг бу қоидасида (15-моддаси) ижарачи вафот этганда, унинг мажбуриятларини ворисларига ўтиши қатъий тартибда белгиланмаяпти. Аксинча, ушбу нормада ворисларда марҳумнинг ўрнига ижарачи сифатида қабул қилишни талаб қилиш ҳуқуқи назарда тутилмоқда, мажбурияти эмас. Яъни, агар ворис талаб қилмас экан, демак ижарачилик ҳуқуқи ҳам унга ўтмайди.”
Мутахассиснинг айтишича, ушбу вазиятга Фуқаролик кодексининг юқоридаги 351-моддаси тўғри келади.
“Яъни, шартнома мазмунига кўра, мажбурият айнан ижарачининг шахсий иштироки билан боғлиқ бўлса ва ижарани унингсиз амалга ошириш мумкин бўлмаса, бироқ ижарага олувчи шахс вафот этадиган бўлса, ижара мажбуриятлари ҳам ўз-ўзидан бекор бўлади”, - дейди юрист.
“Ижара тўғрисида”ги қонунга кўра, вафот этган ижарачининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ворисларга ўтиши мажбурият эмас, балки ҳуқуқ сифатида кўрсатилганлигини эътиборга олсак, ворислар, шу жумладан марҳумнинг хотини унинг ижарадан қолган қарзларини тўлашга мажбур эмас.”
Аввалроқ, агар аёл ҳомиладор бўлса, эрнинг ажрашиш ҳақидаги талаби қондирилмаслиги ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев


