
Йил бошидан буён доимий аҳолининг ўсиш суръати 1,5 фоизга ошган. Мамлакат аҳолиси йил бошидан буён ҳар ойда ўртача 57 811 кишига кўпайган.
Бундан ташқари, 2021 йилнинг ҳар бир кунида доимий аҳоли сони ўртача 1,9 минг кишига ошган. Ўзбекистонда йил бошидан 670,7 минг туғилиш қайд этилган.
Маълумот учун, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига республиканинг доимий аҳолиси сони 35 миллион 79,2 минг кишини ташкил этмоқда. Доимий аҳоли сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 фоизга ошган.
Таъкидланишича, республиканинг доимий аҳолиси сўнгги 30 йил ичида 13,9 миллион кишига ошган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2020 йил 1 апрель ҳолатига кўра республика доимий аҳолиси сонининг 30,8 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 58,7 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 10,5 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Давлат статистика қўмитасининг мамлакатдаги демографик вазият ҳақидаги ҳисоботида Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2021 йил 1 июль ҳолатига кўра 34,86 миллион кишини ташкил этиб, йил бошидан 301,3 минг кишига ёки 0,9% га кўпайди.
Аввалроқ Ўзбекистонда аҳоли сони 35 миллиондан ошгани ҳамда юртимизнинг доимий аҳолиси сони маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.


