Жорий йилда вилоятда ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор ишларни амалга ошириш белгиланган.
Жумладан, мактабгача таълим ёшидаги болалар қамровини 75 фоиздан 82 фоизга етказиш, 306 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти ташкил этиш ва 17 та давлат МТТлари реконструкция қилиш режалаштирилган.
Мактабларни моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 3 та янги мактаб қурилади, 19 таси реконструкция ва капитал таъмирланади.Натижада, 7 мингдан ортиқ янги ўқув ўринлари яратилади. Вилоятда 2 та хусусий олийгоҳ – Ҳиндистоннинг Глокал унивeрситeти филиали ҳамда Само кластер инновацион технологиялар институти ташкил этилади.
Талабаларни турар-жой билан таъминлаш мақсадида қўшимча 1 минг 600 ўринли 4 та янги талабалар ётоқхонаси барпо этилади. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 4 та янги оилавий поликлиника, 9 та маҳаллада оилавий шифокорлик пункти ташкил этилади.
Вилоятдаги 6 та тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари бажарилади. Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси тўлиқ реконструкция қилиниб, унинг негизида водий аҳолиси учун мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказиладиган Тиббиёт маркази ташкил этилади. Бундан ташқари, Ҳиндистон Республикаси билан ҳамкорликда кардиология маркази ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ маданий мерос техникумлари ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.


