ЖАВОБ: Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилияциз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади.
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонун. 19-модда.
Амалиётчи юрист Саидали Мухторалиевнинг таъкидлашича, марҳумнинг қарамоғида турмаган ота-онаси ва эри (хотини) ҳам, кейинчалик кун кечириш учун зарур маблағ манбаидан маҳрум бўлиб қолсалар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлишлари мумкин. Шунингдек, 19-модданинг “б” бандига биноан, пенсия ёшига (55 ёшга) тўлган марҳумнинг хотини оиланинг меҳнатга қобилияциз аъзоларидан бири эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Марҳумнинг бирон турдаги пенсия олаётган оила аъзолари, агар марҳумнинг ёрдами улар учун доимий ва асосий кун кечириш маблағининг манбаи ҳисобланган бўлса — боқувчисини йўқотганлик пенсиясига ўтиш ҳуқуқига эгадирлар.
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонун. 20-модда.
Мутахассиснинг таҳлил қилишича, мазкур қонуннинг 21-моддасида марҳум пенсионернинг оиласига пенсия суммаси боқувчининг иш стажидан қатъи назар тайинланади. Бундан ташқари, 47-модда "в" бандида эса боқувчисини йўқотганлик пенсияси — пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб тўланади дейилган. Бироқ бунда пенсия тайинланиши учун талабгор мурожаатидан олдинги 6 ойдан ошмаган муддат инобатга олинади.
Боқувчисини йўқотганлик учун тўланадиган пенсия марҳумнинг оила аъзоси меҳнатга қобилиятсиз деб ҳисобланган кундан бутун давр мобайнида тўлаб борилади.
Агар эркак 60 ёшга, аёл эса 55 ёшга тўлган бўлса, унда уларга тўланадиган боқувчисини йўқотганлик пенсияси умрбодга тайинланади.
“Демак, юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, агар сиз марҳумнинг тўлиқ боқувида бўлган ёки ундан ёрдам олиб турган бўлсангиз, бу ёрдам сиз учун доимий ва асосий кун кечириш маблағининг манбаи ҳисобланган бўлса, марҳум турмуш ўртоғингизнинг қарамоғида турган деб ҳисобланасиз ҳамда ёшга доир пенсиянгизни боқувчисини йўқотганлик пенсияси турига ўтказиш учун яшаб турган жойингиз бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига тегишли ариза ва барча зарур ҳужжатлар билан мурожаат этишингиз керак”, — дейди мутахассис.
Агар Пенсия жамғармаси бўлими томонидан мурожаатчининг амалдаги пенсияси пенсиянинг бошқа турига ўтказиш юзасидан ёзган аризаси қаноатлантирилса, пенсия тўлаш мурожаат қилинган ойдандан эмас кейинги ойнинг биринчи кунидан бошланади ва янги пенсия гувоҳномаси ёзиб берилади.
“Бордию, пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш юзасидан тақдим этган аризангиз рад этилса, Пенсия жамғармаси бўлими тегишли қарор чиқарилгандан кейин беш кундан кечикмай рад этиш сабаблари, қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби кўрсатилган хабарномани тақдим қилиши шарт. Жамғарма бир вақтнинг ўзида пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказиш учун тақдим этилган барча ҳужжатларингизнинг асл нусхаларини ҳужжатлар олинганлиги тўғрисидаги тилхат билан қўлингизга қайтариши керак”, — дея изоҳ беради Саидали Мухторалиев.
Аввалроқ ногирон фарзанди бор оналарга пенсияга чиқишида қандай имтиёзлар белгилангани ҳамда Ўзбекистонда боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёши 5 йилга узайтирилгани ҳақида хабар берилганди.


