2023 йилда Буюк Британиянинг мудофаа харажатлари бир миллиард фунтга ошиши мумкин, деб ёзади "The Telegraph" парламентдаги манбага таяниб.
Мудофаа вазири Бен Уоллес қуролланишга сарфланадиган харажатларни ошириш ҳақида гапирган, бу таклиф Британия Молия вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланган.
Ҳарбий экспертларга кўра, 2024-2025 йилларда Буюк Британия Мудофаа вазирлиги бюджети қисқаришига йўл қўймаслик учун уни 48,6 миллиард фунт стерлингдан 50,1 миллиард фунт стерлинггача ошириш керак. Яъни, бюджет камида 1,5 миллиард фунт стерлингга ўсиши тахмин қилинмоқда.
Ғазначилик вазири Жереми Хант келаси баҳорда мудофаа харажатлари ошишини эълон қилиши кутилмоқда. Бюджетнинг ўсиши ўтган йили мудофаа харажатларини кўпайтириш учун қаттиқ ҳаракат қилган Бен Уоллеснинг ғалабаси сифатида қаралади.
Бундан ташқари, Бирлашган Қироллик 2023 йилда Украинага юз минглаб артиллерия ўқ-дориларини етказиб беришни режалаштирмоқда. Улар 250 миллион фунт стерлингга тенг ҳарбий ёрдам шартномаси доирасида етказиб берилади.
Аввалроқ Британия бош вазири Риши Сунак Киевга ҳарбий ёрдамнинг Россия билан қуролли можарога таъсирини баҳолашни сўраганди.


