Ўзбекистонда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” дорисидан заҳарланиш оқибатида ногирон бўлиб қолган болалардан яна бири — Жиззах вилоятида яшовчи 8 ёшли Муслима Зиёбоева 2025 йил 3 июль куни вафот этди. У 2022 йил декабрида ушбу сиропни истеъмол қилгандан сўнг оғир ҳолатга тушган ва шифокорлар томонидан 1-группа ногирони сифатида қайд этилган эди. Бу ҳақда Gazeta.uz ёзмоқда.
Маълумотларга кўра, 2016 йил 22 августда туғилган Муслима 2022 йил декабр ойида томоғи оғригани сабабли ота-онаси томонидан шифокор кўрсатмаси асосида “Док-1 Макс” сиропини кунига уч маҳал ичган. Аммо кўп ўтмай, қизчани буйраклари ишдан чиққан ва у сийдик ажрата олмай қолган. Шундан сўнг у Жиззахдаги шифохонага, кейинроқ эса Тошкентдаги Болалар Миллий тиббиёт марказига олиб борилган.
Йўлда Муслима комага тушиб қолган ва етти кун давомида ҳушсиз ётган. Кейинчалик унга биринчи гуруҳ ногиронлиги белгиланган. 2024 йил ноябр ойида ўтказилган суд мажлисида отаси Муслиманинг аҳволи оғирлигича қолгани, у юра олмаслиги, гапира олмаслиги ва бутунлай ногирон бўлиб қолганини айтган. Ота-онасининг сўзларига кўра, уни парваришлаш ва даволаш учун ҳар ойда 10 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланган, умумий харажатлар 1 миллиард сўмдан ошган.
2024 йил 18 ноябрда Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди томонидан “Док-1 Макс” иши юзасидан чиқарилган ҳукмда Муслима Зиёбоева ва яна тўрт нафар ногирон бўлиб қолган бола жабрланувчи деб топилган. Ҳар бирига 1 миллиард сўмдан маънавий зарар ундирилиши белгиланган. Ушбу зарар Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариев ва яна 6 нафар судланувчидан биргаликда ундирилиши лозим эди.
Шунингдек, суд ҳукмида Кариевнинг уйидан олинган 10 минг АҚШ доллари беш нафар жабрланувчи оиласига (ҳар бирига 2 минг доллардан) тақсимланиши кўзда тутилган. Бироқ 2025 йил июль ойи ҳолатига кўра, на маънавий зарар тўлиқ тўланган, на 10 минг долларлик маблағ етказилган.
Суд қарори устидан 2024 йил декабрда бир нечта судланувчи томонидан апелляция берилгани сабабли ҳукм қонуний кучга кирмаган эди. Апелляция ишлари 2025 йил май ойида бошланган ва 5 июнь куни Тошкент шаҳар суди дастлабки ҳукмни ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилган. Шундан сўнг ижро иши биринчи инстанция — Учтепа туман судига юборилган ва улар 16 июнь куни ҳужжатларни Мажбурий ижро бюросига топширган.
Шу билан бирга, “Док-1 Макс” иши юзасидан чиқарилган 2024 йил 26 февралдаги илк суд ҳукмига кўра, ушбу дори сабаб Ўзбекистонда 68 нафар бола вафот этгани ва 23 нафар бола ногирон бўлиб қолгани расман тасдиқланган. Суд жабрланувчиларга жами 75,6 миллиард сўм миқдорида маънавий зарар ундирилишини белгилаган.
Бу маблағлар ҳозиргача тўлиқ тўланмаган. Фақатгина Сардор Кариевнинг онаси томонидан ихтиёрий равишда тўланган 2,5 миллиард сўм маблағ жабрланувчилар ўртасида 20−30 миллион сўмдан тақсимланган.
Аввалроқ Кариевнинг онаси судга ўғли жазодан енгиллаштирилиши эвазига барча зарарларни тўлашга тайёр эканини билдирган эди. Аммо бу ваъда амалда тўлиқ бажарилмаган. Шу сабабли, фарзандини йўқотган ота-оналар ва ногирон бўлиб қолган болалар оилалари 2024 йил кузида мурожаат йўллаб, компенсация пуллари зудлик билан тўланишини талаб қилган.
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худойоров бу масалаларда зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилган, бироқ жабрланувчи ота-оналар бу баёнотларни ҳақиқатга зид деб ҳисоблашмоқда.
Муслима Зиёбоева 2025 йил 3 июль куни вафот этди. Бу ҳақда бошқа бир жабрланувчи бола оиласи Gazeta.uz га маълум қилган, марҳуманинг отаси Илҳом Азимов ҳам бу хабарни тасдиқлаган.
Ушбу мудҳиш воқеа яна бир бор соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар, фармацевтика назоратидаги заифлик ва суд ҳукмларининг ижросидаги сусткашликни кўрсатмоқда. Вафот этган болалар сони яна биттага ошди, аммо адолат ҳали тўлиқ тикланмади.


