Ижтимоий тармоқларда тарқалган “бола ўғриси қўлга олинди” мазмунидаги хабарлар расмий равишда рад этилди.
Болалар омбудсмани ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг маълумотига кўра, 25 август куни Қуйи Чирчиқ тумани “Ойдинобод” маҳалласда юз берган voqea нотўғри талқин қилинган.
Аниқланишича, Оққўрғон туманида яшовчи 1979 йилда туғилган аёл танишини излаб мазкур ҳудудга келган. У манзилни топиш учун маҳалладаги бир боладан сўраган. Шу пайтда айрим фуқаролар уни шубҳали деб ҳисоблаб, ҳақоратли сўзлар ишлатиб, аёлга нисбатан ноўрин муомала қилган. Ҳолат видеога олиниб, “бола ўғриси” сифатида асоссиз тарзда ижтимоий тармоқларга тарқатилган.
Дастлабки суриштирув натижасида аёлнинг бола ўғирлашга алоқаси йўқлиги тасдиқланди. Аксинча, фуқароларнинг ўз қўли билан “жазолаш”га уринишлари ҳуқуқбузарлик деб топилди. Шу сабабли 7 нафар шахсга нисбатан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича судга юборилди.


